Поиск
RUUZ

Технологии

Жаҳон банки Ўзбекистонга рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ривожлантириш учун $50 млн доллар ажратади

Мазкур маблағлар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва 25 минг кишини иш билан таъминланишга йўналтирилади.

118views0replies
0

Бугун, 30 ноябрь куни – Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.
Мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида (“Ўзбекистон – 2030” стратегияси) ушбу ўн йиллик якунига қадар, Ўзбекистон Марказий Осиё ахборот технологиялари марказига айланиши, IT-хизматларининг йиллик экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиши, IT-компанияларнинг мамлакатдаги ваколатхоналари сонини 1000 тагача ошириши ва 300 минг нафар ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаши кераклиги айтилади.
“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Парк томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади”, - дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
2029 йилда лойиҳа якунига келиб, Ўзбекистон ITES хизматлари соҳасида 25,000 киши иш билан таъминланиши ва 15,000 киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади. Ушбу чора-тадбирлар ITES компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради.
6200 га яқин ёшлар, шу жумладан 3100 нафар аёллар ва 250 нафар ногиронлиги бўлган шахслар коммуникация, компьютер ва тил кўникмаларини ўз ичига олган асосий профессионал кўникмаларни ривожлантириш дастурлари бўйича таълим оладилар.
9 000 га яқин ёшлар, шу жумладан 4 500 нафар аёллар ва 360 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ITES компанияларида иш билан таъминланади. Компанияларга ўз навбатида лойиҳа доирасидаги иштирокчиларни ишга олиши учун моддий рағбатлар берилади.
Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий ITES компаниялари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлашда муҳим ўрин тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
Юқорида қайд этилган лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT-Парк резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.
118views0replies
0

Комментарии