Шу йилнинг сентябрь ойида Наманган вилоятида 71 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилгани ва ССВ вазири "Антиструмин" йод препарати болаларга юқори дозада берилганини тан олганини ҳамда масъул ходимлар қонун олдида жавоб беришни бошлаганлигини қайд этгани ҳақида хабар берган эдик.
Олий суднинг UzNews.uz'га маълум қилишича, жорий йилнинг 7 ноябрь куни "Антиструмин" препаратини ҳаддан ташқари ошириб юбориш оқибатида болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани муносабати билан уч нафар шифокор ҳибсга олинган.
Унга кўра, жорий йилнинг 7 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ажрими билан Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Ҳ., ҳамда ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим, ССВ болалар бош эндокринологи Н.А., 16 ноябрь куни эса ССВ Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳ.Ғ.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.