Поиск
RUUZ

Политика

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Польша ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқларини топширди

51views0replies
0

Учрашув давомида 2024 йилдан тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши ва икки мамлакатнинг истиқболи ҳақида сўз борган.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига янги элчи тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.
"Дунё" АА нинг хабар беришича, Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширган.
Таъкидланишича, учрашув давомида Польша ташқи ишлар вазири 2022 йил июнь ойида Тошкент ва Самарқандга ташрифини ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокараларни самимият билан ёдга олган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Польша ҳамкорлиги, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли даражада мустаҳкамланиб, янги ва амалий мазмун билан тўлдирилгани алоҳида қайд этилди.
Польша ташқи ишлар вазирлиги раҳбари тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолар экан, Ўзбекистондан Польшага ярим тайёр ва тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспортини ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
2024 йил февралидан "Варшава–Тошкент–Варшава" йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши польшалик сайёҳлар сонининг кўпайишига ва ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълумот ўрнида, элчи Амирсаид Аъзамхўжаев 7 ноябрь куни Варшавага келган. Бунга қадар, у Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик ва юридик бўлимида ишлаган, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги консули, 2020 йилдан Бош консуллик раҳбари бўлган.

51views0replies
0

Комментарии