Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Тошкент вилоятида "Қанқа" археология ёдгорлиги ҳудудида ўтказилган ўрганишда фуқаролар томонидан ёдгорлик ҳудудига жиддий зарар етказилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда агентлик Матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектига фуқаро А.П. томонидан 10 млрд 367 млн 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 млрд 423 млн 520,0 минг сўм, Т.Б. томонидан эса 1 млрд 093 млн 950,0 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Хусусан, 1977 йилда қазув ишлари натижасида очилган ва кейинчалик собиқ иттифоқ даврида "колхоз"га бериб юборилган шаҳарнинг мудофаа девори ичидаги учинчи шаҳристон ҳудуди ҳанузгача қайтариб олинмаган. Ҳудуддаги майдонлар суғорилиши натижасида ёдгорликнинг қолган қисмига жиддий зарар етказилганлиги оқибатида вужудга келган захлик маданий қатламнинг бузилишига, қадимий меъморий иншоотлар, девордаги расмлар ва бошқа ноёб топилмаларнинг емирилишига олиб келган.
Шунингдек, учинчи шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмини ўраган мудофаа деворини ички ва устки қисми маҳаллий фермер томонидан эгалланиб, бу жойда айрим фуқаролар уй-жой қуриб олган. Ёдгорликнинг жанубий қисмидаги мудофаа девори ички қисмида қарийб бир гектар майдон ҳам эгаллаб олиниб, турар-жой қурилган. Ёдгорликнинг жануби-шарқий томонидаги мудофаа деворининг ички қисмидаги майдон экинзорга ҳамда маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан чиқиндилар майдонига айлантирилган. Соҳага масъул идораларнинг бефарқлиги сабабли объектнинг туристлар ташриф буюриши мумкин бўлган ғарбий ва жанубий томонидаги йўлларнинг ёдгорликка кириш қисми ҳам афсуски, чиқиндихона вазифасини ўтаб келмоқда.
Агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддасининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида моддий-маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Объект даври милоддан аввалги III аср — милоднинг XII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Тарихий манбаларга кўра, ушбу ёдгорлик Тошкентнинг энг қадимги пойтахт шаҳри бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин тутади. Ёдгорликдаги ўрта асрларга оид карвонсарой минтақа ҳудудидаги шаҳар шаҳристонида жойлашган ягона карвонсаройдир. ЮНEСКОнинг расмий саҳифасида ва WIKIPEDIA умумжаҳон энциклопедиясида ёдгорлик ҳудуди 160 гектар деб қайд этилган.