Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчасини эксплуатация қилиш бўйича хорижий тажрибани жорий этиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.
"Осиё ўйинлари ўтгандан кейин мажмуалар бўшаб қолиши керак эмас, халқимизга хизмат қилиши керак. Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади", - деди Шавкат Мирзиёев.
Кейинчалик бу ерда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ва бошқалар фаолият кўрсата бошлайди. Майдончаларда аҳоли ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.
"Келажакда бу шаҳарча билан болалар спорт мактабларини ҳам боғлаш керак. Оммавий спортдан профессионал спортга ўтиш кўприги бу", - деди Президент.
Шаҳарчада паралимпия ўйинлари ҳам ўтказилгани боис жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулай йўллар ва алоҳида секторлар ташкил этилади.
Президент тавсиясига мувофиқ, мажмуада қайта тикланувчи энергиядан ҳам фойдаланилади. Йиллик қуввати 10 мегаватт 56 минг квадрат метр қуёш панеллари ўрнатилади.
Шу ерда Тошкент шаҳри бўйича ўтган йили тақдимот қилинган инвестиция дастурига мувофиқ, бу йил ишга туширилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 360 та лойиҳа бажарилиб, жами 20 мингта иш ўрни яратилган.
Шунингдек, келгусида Янги ҳаёт туманида 650 гектар майдонда янги авлод саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.