Қўйлиқда бир гуруҳ шахслар ўртасида жанжал содир бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Миробод тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 12 ноябрь куни 20 ёшли фуқаро Х.В. ўз танишлари билан Spark автомобилида ҳаракатланиб кетаётган вақтларида, 34 ёшли А.Б. бошқарувида бўлган Nexia-3 автомашинаси билан бир-бирига йўл бермай, ўртада келишмовчилик юзага келган.
Spark автомобилида бўлган йўловчилар ҳамда Nexia-3 ҳайдовчиси ва унинг шериги ўзаро гап талашиб, жанжаллашишган. Мазкур жанжал Spark ҳайдовчиси томонидан видеога олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Ҳодиса оқибатида Spark йўловчиларидан бири тиш шифокорига мурожаат этган. Шифокорлар томонидан фуқарога юқори лаб соҳаси эзилиши ва йиртилиши, шунингдек, чап ёноқ соҳаси шилиниши ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.