Жорий йилнинг май ойида Наманган давлат университети биноси олдида 26 ёшли эркак оилавий келишмовчилик сабабли ўзининг 23 ёшли турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни пичоқлаб ўлдирганди.
UzNews.uz'га маълум бўлишича, Наманган шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган ва эркакка жазо тайинланган.
Иш ҳужжатларига кўра, эркак аёли билан ярашиш мақсадида у ўқийдиган университетга борган. Университет дарвозаси олдида аёлига гул бериб, ярашиш ниятида экани ва бирга яшаш таклифини берган. Аммо, аёл буни рад этиб, бошқа йигитдан совчи келаётгани, ўша йигитга турмушга чиқишини айтган. Бундан жаҳли чиққан эркак машинасида бўлган пичоқ билан ўта шафқатсизларча аёлининг бўйин соҳасини кесиб, оғир тан жароҳати етказган. Қайд этилишича, эр қассоб бўлиб ишлаган.
Эр воқеадан сўнг, ўзига ҳам бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, ўз жонига суиқасд қилган.
Суд ҳукмига кўра, эр ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж" ва "л” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 17 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.