Жорий йилнинг март ойида Истанбулнинг Баҳчелиэвлер туманида Риза Белер исмли 61 ёшли эркак ўзи билан бирга яшаган 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси Умида Тўлагановани ваҳшийларча ўлдирганди. Суд эркакни умрбодга қамади. Бу ҳақда Туркиянинг маҳаллий нашрлари маълум қилди.
Cудланувчи Риза Белер ва марҳума Умида Тўлаганова ўртасида вақти-вақти билан жанжал чиқиб турган. Воқеа содир бўлишидан аввал Белер марҳума билан бошқа эркакни уйга киритгани сабаб тортишиб қолган.
Белер Тўлагановани ўлдириш режасини тузиб, унинг бошига брусчатка тоши билан уриб ўлдирган. Сўнг, эркак Тўлаганованинг қўлларининг бўғим жойларидан кесиб, музлатгичга қўйган.
Суд мажлисида прокурор Белерни оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган. Судланувчи ўзининг сўнгги сўзида воқеадан чуқур афсусдалигини билдирган ва оқлашларини сўраган.
Суд Риза Белерни “аёл кишини режа тузиб, қасддан ўлдириш” айблови билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Судланувчига берилган жазо яхши хулқ-атвор каби сабаблар билан қисқартирилиши тақиқланган.