Аввалроқ, Самарқандда ота 3 нафар фарзандини ўлдиргани ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум бўлишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 16 июнь куни 19:30 атрофида Самарқанд шаҳри, А.Навоий кўчасида яшовчи 1986 йилда туғилган эркак Исроил давлатида ишлаб келаётган турмуш ўртоғи билан телефон орқали келиб чиққан ўзаро келишмовчилиги натижасида унга жаҳл қилиб ва ундан ўч олиш мақсадида вояга етмаган 3 нафар вояга етмаган (2 та қиз ва 1 та ўғил) фарзандини Н.Д., Я.Д. ҳамда М.Д.ларни ошхона пичоғи билан таналарининг турли жойларига қасддан уриб, ўлдирган.
Сўнгра эркак ушбу ошхона пичоғи билан ўзига, яъни танасининг бир нечта жойларига тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан фуқаро А.Д.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Ушбу жиноят иши ЖИБ Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Ёшлар” телеканалида маълум қилинди.
Иш ҳужжатларига кўра, эркак воқеани содир қилган вақт ҳеч қандай наркотик моддалар таъсирида бўлмаган.
Судланувчи эркак ўша кунги ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
“Аёлим бошқа сен билан яшамайман. Менинг эрим бор, ҳаётим бор,- деди. Катта қизим қўлимда жон берди. Кўриб, қўрқиб кетдим. Йиғладим, додладим, кейин ўзимни пичоқладим. Шу билан ҳушимдан кетдим”.
Суд ҳукмига кўра, судланувчига нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж” бандлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.