Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судида шу туманнинг Балхияк қишлоғида яшовчи эркак сувдан ноқонуний фойдалангани учун қамалди. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2010 йилда деҳқон хўжалиги ташкил этган бу фуқаро "Талимаржон-Муборак" магистраль қувурига D-76 мм.лик қувур орқали ноқонуний уланиб, ичимлик сувидан экинларни суғориб келган.
"Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида унинг бу қилмиши фош бўлиб, жамиятга 282 млн 716 минг 280 сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Суд тўпланган ҳужжатлар ва томонларнинг кўрсатмаларини ўрганиб, эркакка 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ундан 282 млн 716 минг 280 сўм зарар ундириладиган бўлди ва суд залида қамоққа олинди.