Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритди.
Олтин медаллар 31 нафар спортчи томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизлар ҳиссасига тўғри келди. 132 нафар Ўзбекистон вакили жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этди.
Ўзбекистон президенти мусобақада иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига миннатдорчилик билдирди.
“Айниқса, ғайрат-шижоатли ўғил-қизларимиз Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Ветнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганликлари Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянс, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Олга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатен, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқа спортчиларимизнинг нодир истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди.
Ўз навбатида 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишингизга ишонаман”, — дейди давлат раҳбари.