Энергетика вазирлиги мутахассисининг маълум қилишича, бугунги кунда республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқ субсидия бериляпти. Мазкур рақам жуда катта бўлиб, уни соҳани модернизация қилишга сарфлаш орқали аҳолининг электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш мумкин.
Тармоққа бозор механизмларининг жорий этилиши эса вазиятни тубдан ўзгартиради. Аввал субсидия учун ажратилган маблағлар энди тизимни янгилашга ишлатилади.
Бугун электр энергияси жами юқори кучланишли 84 та подстанция ва 11,7 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда паст кучланишли 1 минг 789 та подстанция, 274,8 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 94 мингга яқин трансформаторлар орқали етказиб берилмоқда.
Шундан 125 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 912 та подстанция ва 33 мингдан ортиқ трансформаторлар 40 йилдан зиёд эксплуатация қилиб келиняпти. Албатта, электр энергияси ва газ нархларини шакллантириш механизмларини либераллаштириш вақти аллақачон етиб келган.
Янги тариф тизимига ўтиш, аввало, давлат бюджетидан нархни ушлаб туришга йўналтирилаётган 14 триллион сўмдан зиёд субсидия маблағларининг бўшашига олиб келади. Ушбу маблағларни эса 30, 40 йиллар, баъзи жойларда 50 йилдан буён ишлатилиб келинаётган ва эскирган инфратузилмани модернизациялаш ҳамда янгилашга жалб қилиш имкони пайдо бўлади.
Бироқ энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, тизим моддий-техника базасини янгилашга қанчалар эътибор қаратилмасин, энергия манбаларини ишлаб чиқариш нечоғли кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни таъминлаш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.