Ўзбекистонда пул тикиш хизматларини таклиф қилувчи 27 та сайтга кириш чекланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов АОКАда бўлиб ўтган брифингда хабар берди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан пул тикиш ва пул тикиш хизматлари рекламаси юзасидан ички ишлар органларига 11 та хат юборилган.
Оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар, ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган рекламанинг меъёрий ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича жами 24 мингдан ортиқ тадқиқот ўтказилди.
Шундан 8 мингдан ортиқ ҳолатда турли камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлардаги 4,5 мингдан ортиқ реклама ўрганилган. Шундан Facebook'да 144 та, Instagram'да 344 та, Тelegram'да 4 108 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, озиқ-овқат қўшимчалари, малҳамлар, бальзамлар, дамламалар, шифобахш ва минерал сувлар рекламаси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган 150 та мурожаат ўрганиб чиқилди. 103 та ҳолатда қонунбузарликлар аниқланиб, бартараф этилди.
Шунингдек, қўмита томонидан масъул идоралар билан биргаликда 9 мингдан ортиқ реклама объектларининг давлат тили қоидаларига мувофиқлиги ўрганилди. Уларнинг 3 мингдан ортиғи (35 фоизи) талабга жавоб бермаган. Мазкур фактлар асосида уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.