Поиск
RUUZ

Общество

"Тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас" — Фатво маркази (видео)

Ижтимоий тармоқларда таомларга олтин қўшиб тайёрланиши акс этган видеолар тарқалган эди.

289views0replies
0

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда олтинни ош, кабоб ёки пиццага қўшиб тайёрлаш акс этган видеолар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази изоҳ берди.
Маълум қилинишича, олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас.
Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган.
Шунингдек, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмаслиги таъкидланди.
Уламоларимизнинг сўзларига кўра, бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибр ҳамда фахрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади. Бу эса ўз навбатида инсон қалбидаги бандалик сифатини йўқолишига сабаб бўлади.
"Тўғри, айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун "ҳаром билан даволаниш" бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас",- деб ёзади Фатво маркази.
289views0replies
0

Комментарии