Қайд этилишича, Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий ўзбек санъати ва маданиятини ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, миллий парламент депутати сифатида мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқ, аввало, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди.
Кейинги йилларда “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида самарали меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди.
Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.
Шерали Жўраевнинг миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.
"Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади", - дейилади ҳамдардлик мактубида.