Поиск
RUUZ

Криминал

Тошкентда почта орқали 95 кгдан ортиқ психотроп моддасини қабул қилиб олган шахслар ушланди

“Лирика” ва “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситасини тайёрлаш мумкин бўлган “прегабалин” моддаси почта орқали Тошкент халқаро аэропортига келтирилган.

254views0replies
0

Видеодан кадр

Жорий йилнинг 4 июль куни пойтахтнинг Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро номига Хитойдан юборилган курьерлик жўнатмасида 2 дона полиэтилен ўрамда 5 кг оқ рангли кукунсимон модда аниқланди. 1-2 кун фарқ билан яна 5 нафар фуқаро номига хориждаги айнан битта манзилдан худди шундай оқ кукун солинган яна 10 та курьерлик жўнатмаси етиб келди. Бу ҳақда UzNews.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев хабар берди.
Почта жўнатмаларида аниқланган ашёларнинг таркибига аниқлик киритиш мақсадида Марказий божхона лабораториясида божхона экспертизаси ўтказилди.
Экспертиза натижаларига кўра, жами 6 нафар фуқаро номига 11 та жўнатмада келтирилган "прегабалин" моддасининг умумий оғирлиги 55 кг 374 граммни ташкил қилди.
Ушбу курьерлик жўнатмаларини қабул қилиб олувчи шахс ва ҳолатга алоқадор шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага қарши курашиш шўъбаси тезкор ходимлари томонидан “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда пойтахтнинг Миробод туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида 1 нафар фуқаро жўнатмалардаги жами 11 дона қоғоз қутидаги 55 кг 374 гр "прегабалин" кучли таъсир қилувчи моддасини қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинди. Мазкур ҳолатда олиб қўйилган "прегабалин"нинг умумий қиймати 4 млрд 725 млн сўмни ташкил этади.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу ҳолатга алоқадор жами 6 нафар шахслар қўлга олинди. Уларнинг баъзилари дориларни тайёрлаш бўйича муқаддам хорижий ўқув курсларида малака оширгани маълум бўлди.
Гумонланувчи сифатида ушланган шахслардан бирининг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда кучли таъсир қилувчи моддаларни қўлбола усулда қадоқлаш учун яширин кичик лаборатория мавжудлиги аниқланди.
Божхона органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган кенг қамровли тезкор-қидирув ишлари ўз натижасини берди. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам бирин-кетин фош қилина бошлади.
Жорий йилнинг 25 июль куни кир ювиш воситаси юборилганлиги айтилган курьерлик жўнатмасидаги модда ҳам соф оғирлиги салкам 20 кгни ташкил қилувчи “прегабалин” эканлиги фош бўлди. Қиймати 1,2 млрд сўмлик ушбу моддадан яширин лабораторияларда тайёрланадиган “Лирика” ва “Регапен”ни қонунбузарлар тахминан 3,4 млрд сўмга пуллаши мумкин эди.
Шу йилнинг 10 август куни тезкор кузатувга олинган жиноий гуруҳнинг 2 нафар аъзоси ҳам қўлга олинди. Улар ўзлари номига хориждан юборилган жўнатмалардаги 15 кгдан зиёд “прегабалин”ни қабул қилиб олаётган вақтида ушланди. Улар 15 кг "прегабалин"дан тайёрланган дориларни қора бозорда тахминан 3 млрд. сўмдан зиёдга пуллаши мумкин эди.
Ушбу шахслар томонидан ташкил қилинган “яширин лаборатория”да 2.4 кг турли кукунлар, шиша колба, миксер, юз минглаб бўш дори капсулалари ва елим идишлар борлиги аниқланди.
2023 йил 11 август куни жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси ушланди. Бу гал почта жўнатмасида бўёқ кукуни сифатида кўрсатилган салкам 5 кг модда ҳам “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлиб чиқди.
Таҳлилларга кўра, 1 гр "прегабалин"дан ўртача 10 донагача шу номдаги кучли таъсир қилувчи капсулалар тайёрланади. Юқоридаги ҳолатларда қонунбузарлардан олиб қўйилган жами 95 кг 422 грдан зиёд "прегабалин"дан қиймати 16 млрд. сўмдан зиёд салкам 1 млн дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари тайёрланиши мумкин эди.
Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
254views0replies
0

Комментарии