ДХХ ходимлари Сурхондарё вилояти Музработ туманининг чегара ҳудудидан ўтувчи Амударё қирғоғидаги қамишлар орасига номаълум шахслар томонидан 1 дона полиэтилен қопда яшириб кетилган наркотик воситасини топишди. Холислар иштирокида ушбу қоп кўздан кечирилганда унинг ичида 10 дона ўрамда гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда соф вазни 10 кг. 38 гр. бўлган “опий” моддаси борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан хизматнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан ЖКнинг 266-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб ушбу наркотик эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ДХХ ходимларининг Қашқадарё бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда "Сурхондарё – Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган Nexia автомашинаси Кўкдала туманида жойлашган "Умакай" ЙПХ масканида тўхтатилди.
Денов туманида яшовчи 1993 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган бу автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, унинг салон қисмига яшириб қўйилган 935 гр. "опий" ва 200 гр. "гашиш" моддалари борлиги аниқланиб процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан хизматнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.