Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан шаҳарга сифатсиз гўшт маҳсулотлари олиб кириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.
"Эркин" ЙПХ масканида ИИБ ходимлари томонидан "Қашқадарё-Тошкент" йўналишида ҳаракатланиб келаётган 1989 йилда туғилган С.Т. бошқарувидаги Isuzu юк автомашинаси тўхтатиб текширилганида, унинг юкхонасида 6 бош тирик ва 1 бош тахминан 350 килограмм оғирликдаги от гўшти борлиги аниқланди.
Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида 350 килограмм гўшт маҳсулотларини тегишли ҳужжатларсиз пойтахтга олиб кириш факти олди олинди.
Гўшт маҳсулоти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораториясида текширувдан ўтказилди ва истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлди. Шунга кўра, сифатсиз гўшт маҳсулоти тегишли тартибда йўқ қилинди.