Бугун, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура органлари ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг 2023 йил 1-ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Таъкидланишича, прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,3 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Назорат фаолияти билан биргаликда бевосита прокурорлар саъй – ҳаракати билан қисқа муддатда 120 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 157 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид чоралар доирасида 19 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, қарийб 18 минг нафарининг муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган, натижада 12 469 та янги иш ўринлари яратилишига эришилган.
Прокурорлар кўмаги билан долзарб йўналишларда, жумладан қурилиш, ёқилғи - энергетика, экология соҳаларида ташкил этилган янги тузилмалар фаолияти ҳам ҳайъат муҳокамасидан четда қолмади.
Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 6 003 та объектни ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 1,4 трлн сўм маблағлар тежалиши, 27,5 млрд сўмлик бюджет пуллари талон - торож қилинишининг олди олиниши таъминланган.
Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган 113 мингта рейд тадбирлари давомида, 31 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 327 млрд сўм зарар ундирилган.
Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди.
Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 126 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 24 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Прокуратура органлари фаолиятига ошкоралик бериш, бунда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтилди.
Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.