Сурхондарёда саховатпеша инсон – Раҳмат Эшбоев Ҳаж зиёрати учун тўплаган маблағини қишлоқни иккига ажратиб турган чуқур сой устига кўприк қурилиши учун сарфлаган. Бу ҳақда УзА хабар берди.
Таъкидланишича, фақат кўприкни бунёд этиш учун зарур бўлган мустаҳкам темир-бетон материалига туман ҳокимлиги ҳомийлик қилган. Қолган ишлар Раҳмат Эшбоев жамғармасидан амалга оширилган.
"Эндиликда қишлоқнинг Камари азиз кўчасидаги 20 га яқин хонадонда истиқомат қилаётган ёш-у кекса ёғин-сочинли кунларда ҳам бехавотир ва бемалол Омонхона марказига келиб кетиши ва транспорт қатнови учун қулай шароит яратилди.
Одамлар мушкулини осон, узоғини яқин қиладиган савобли ишга қўл урган отахонга чуқур миннатдорлик билдирилди",- дейилади хабарда.