Аввалроқ, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги 16 қаватли бинода ичида 13 киши бўлган лифт пастга тезлик билан тушиб кетгани, натижасида фуқаролар жароҳат олгани ҳақида хабар бергандик. Бош прокуратура UzNews.uz сўровига асосан ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижаларини маълум қилди.
Қайд этилишича, бинонинг 2 нафар фуқарони ташиш учун мўлжалланган лифтида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли фуқаролар юк ташувчи лифтда белгиланган вазндан кўп миқдорда, яъни 1 тоннадан ошиқ, 13 нафар фуқаро 16-қаватдан миниб, 10-қаватга келганда лифтнинг тушиш тезлиги тезлашиб кетган.
1-қаватга тушиш вақтида техник сабабларга кўра лифт бошқаруви йўқолган ва лифт ичида бўлган, жами фуқароларнинг ҳаёти хавф остида қолган. Шундан сўнг, ушбу фуқаролар РШТЁИМнинг травматология бўлимига олиб борилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодиса натижасида, 6 нафар фуқарога “оёқ синиш” ташхиси қўйилиб, реабилитация бўлимига ёткизилган, қолган 7 нафар фуқаронинг аҳволи қониқарли бўлганлиги сабабли уйига рухсат берилган.
Қайд этилишича, лифт ичида бўлганларнинг икки нафари вояга етмаган 7 ва 1 ёшли болалар бўлган.
Олиб борилган суриштирувлар натижасида аниқланишича, ушбу бино “LAND HOUSE” МЧЖ томонидан 2022 йилнинг март ойида қурилиши бошланиб, 2023 йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган. Кўп қаватли уйда жами 3 та лифт бўлиб, улардан 2 таси аҳоли учун ажратилган бўлса, 1 таси юк ташиш учун мўлжалланган.
Юқорида келтириб ўтилган кўп қаватли уй жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган бўлсада, аҳоли учун фойдаланишга топширилган лифтлар носоз ҳолда бўлганлиги боис, фуқаролар юк ташувчи лифтдан фойдаланиб келишган.
Ҳозирда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.