2022 йилда тижорат банкларида 19 та ва микромолия ташкилотларида 9 та тематик инспекциялар ўтказилди. Бу ҳақда Сенатнинг 41-ялпи мажлисида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.
Текширувлар давомида қарийб 39 мингта мижознинг жами 37 трлн сўмлик кредитлари ёки ушбу банклар жами кредит портфелининг 58 фоизи қамраб олинган.
Таъкидланишича, капитал ва ликвидлилик меъёрлари тўғрисидаги маълумотларни ҳаққоний акс эттирмаган банкларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузган банкларга нисбатан айрим операцияларини тўхтатиш, жарима санкциялари ва бошқа таъсирчан чоралар қўлланилган.
Жумладан, банк қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 26 та банкка нисбатан 56 та ҳолат бўйича жами 3,8 млрд сўм миқдорида жарималар ундирилган.
"Банк қонунчилигида белгиланган талабларни бажармаганлиги учун "HI-TECH-BANK" ва "Туркистон" хусусий АТ банкларининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялари чақириб олинди ва банк омонатчиларининг маблағларини тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.
"Туркистон" хусусий акциядорлик тижорат банки омонатчилари маблағларини 251 млрд сўми Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди",-дейди МБ раиси.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистондаги 6 та давлат банки (Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Агробанк, Ипотекабанк ва Халқ банки) тизимли аҳамиятга молик банк деб топилган.