Бугун, 2 июнь куни ЖИБ Қарши шаҳар судида одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятларини содир этганликда айбланаётган 1997 йилда туғилган фуқаро С.Х.га нисбатан суд мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати UzNews.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, 2020 йилда фуқарога ЖКнинг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси (номусга тегиш) 2-қисми "в" банди ва 137-моддаси(одам ўғрилаш) "б", "в" бандлари билан ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ва 59-моддасини (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
2021 йилда ўталмай қолган 3 йил 3 ой 21 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. 2023 йил 12 майдаги ажримга асосан эса ўталмай қолган 1 йил 7 ой 21 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилиши сабабли ЖКнинг 73-моддаси (жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) 3-қисми "б" бандига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Иш ҳужжатларига кўра, С.Х. 2022 йил 30 июль куни МЖтКнинг 41-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, БҲМнинг уч баравари, яъни 900.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Ушбу ҳолат бошқа такрорланмаслиги юзасидан ИИБ ходимлари томонидан огоҳлантирилганлигига қарамасдан, С.Х. жорий йил 24 май куни МЖтКнинг 123-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Натижада МЖтКнинг 123-моддасига асосан 165.000 сўм жарима жазосига тортилган.
С.Х. суд мажлисида, икки маротаба ҳуқуқбузарлик содир қилганлигини, ушбу ҳолат бошқа такрорланмаслигини, қилган ишидан пушаймонлигини баён қилиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчига 6 (олти) ой маъмурий назорат ўрнатилди. Яъни сутканинг кеч соат 22:00дан эрталаб соат 06:00га қадар яшаш жойидан ташқарида бўлиши ва ИИБнинг рухсатисиз Қарши шаҳри ҳудудидан бошқа ҳудудларга чиқиб кетиши тақиқланди.