Тошкентда 200 нафар фуқарони алдаб, пулларини ўзлаштирган МЧЖ мансабдорига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, судланувчи шахс шериклари билан МЧЖ ташкил этиб, одамларга муддатли тўлов эвазига автомобиль ва хонадон сотишни ваъда қилган. Фуқаролар бунга ишониб, МЧЖга машина ва уй учун турли миқдордаги пулларни ўтказиб беришган. Аммо, МЧЖ мансабдорлари уй ҳам машина ҳам бермасдан одамларни алдаб келган.
"4 августда телефон қилсам, ҳаммасининг телефонлари ўчиқ. Фирмага борсак, биттаси қочиб кетган экан. Булар бизга ўртага динни ҳам қўшиб, ваъда беришди. 40 кунда чиқариб берамиз, дейишди”, - дейди жабрланганлардан бири.
Аниқланишича, айбланувчилар 200 нафардан ортиқ фуқародан 16 млрд сўм пулларни олган. Жиноий гуруҳнинг бир нафарига жазо тайинлаш учун судга олиб келинган. Қолганларига алоҳида иш юритилмоқда. Яна бир нафари қочиб кетган.
“Норасмий раҳбар ўзи уч марта фирибгарлик билан қамалган экан. У пулларни нақдлаштириб, қочиб кетган”, - дейди судланувчи шахс. Унинг айтишича, у ҳам МЧЖ раҳбарини фирибгарлигини билмаган. Шу кунгача, 50 та уй ва 10 та машина олиб берган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ҳукми билан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган 1991 йилда туғилган судланувчи 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.