Поиск
RUUZ

Общество

Андижонда машина уриб юборган ободонлаштириш ходимлари кечаси ишга мажбуран чиқарилгани аниқланди

ЙТҲ натижасида улардан бири вафот этган. Меҳнат инспекцияси ҳолат юзасидан текширув ўтказди.

113views0replies
0

Иллюстрация

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ободонлаштириш ходими бўлган икки нафар аёлни машина уриб юборгани, улардан бири вафот этгани ҳақида хабар бергандик. ЙТҲ ходимлар кечаси ишга жалб қилинган вақтда содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат Камбағалликни қисқартириш ва бандлик инспекцияси томонидан ўрганилди. 
Текшириш жараёнида, ишчиларни Меҳнат кодекси талабларига зид равишда, яъни иш вақтидан ташқари ишларда, тунги ишларда, шунингдек, дам олиш кунларида маъмурий тарзда мажбуран ишлатиб келинаётганликлари аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича, туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди. Маълумот учун, мазкур моддада БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача бўлган жарима жазоси белгиланган.
Қайд этилишича, содир бўлган автоҳалокат натижасида вафот этган ходимнинг оила аъзоларига етказилган зарар суммаси — марҳуманинг ўртача 6 йиллик иш ҳақи, яъни 122 млн 633 минг сўм миқдоридаги бир йўла тўланадиган нафақа Меҳнат Кодексининг 328-моддаси талабларига мувофиқ, тўланади. Бундан ташқари, турмуш ўртоғига ва 2 нафар фарзандларига 490 минг сўмдан ҳар ойда тўланадиган етказилган зарар суммаси Меҳнат Кодексининг 323-моддаси талабларига асосан тўланади.
Содир бўлган автоҳалокат натижасида оғир тан жароҳати олган ишчига унинг даволаниши давомида касаллик варақалари бўйича тўловларни ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва тўланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланганда, унинг ўртача бир йиллик иш ҳақи 21 млн 313 минг 772 сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа суммаси ва ойма-ой тўланадиган етказилган зарар суммаси ҳисобланди.
“Юз берган бахтсиз ҳодиса натижасида ходимларнинг оила аъзолари, фарзандларига боқувчисининг вафоти туфайли бир йўла нафақа ва ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар тўловлари Ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади ва бунинг ижроси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан назоратга олинади. Махсус текширув якуни бўйича, барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда ҳудудий Ички ишлар органига юборилиши таъминланади”, - дейилади хабарда.
113views0replies
0

Комментарии