Поиск
RUUZ

Общество

Қорақалпоғистондаги мактаб ўқувчиларига берилган озиқ-овқатлар ичидан тўғноғич ва қум чиқди — видео

2-синф ўқувчиси конфетни еяётган вақтида ичида қум борлигини кўрган. Унинг ўқитувчиси бу ҳолатни ижтимоий тармоққа эълон қилди.

382views0replies
0

Видеодан кадр

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинликнинг ичидан қум чиқди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда мазкур мактаб ўқитувчиси Багдагул Бекбосинованинг мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда ёзилишича, ўқитувчи шу кунгача берилган маҳсулотлар бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келган. Мактабга келган олмалар ювилмаган бўлса, кекс ичидан қизлар сочига тақадиган тўғноғич, ун қопининг ипи чиққан кунлар ҳам бўлган.
"Лекин 7 апрель куни 2-синф ўқувчимнинг конфетидан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора яримини еган. Конфетга ўралган қоғозни кўздан ўтказсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган", - дейилади мурожаатда.
Шунингдек, ўқитувчи ҳолатга исбот сифатида чириган олманинг расми, егуликлар ичидан сочга тақиладиган тўғноғич ва қум чиққани акс этган видеоларни ҳам келтирган.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Хўжайли тумани халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Мактабга озиқ-овқат маҳсулотларини BEKBERGEN SERVIS ORAYI МЧЖ томонидан 2022 йил 10 октябрдан шу кунга қадар етказиб келинмоқда.
Ўрганишлар давомида 41-сонли умумтаълим мактабига 2023 йил 7 апрель куни мазкур МЧЖ томонидан эрталабки соат 9:45 да олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларини махсус комиссия аъзолари қабул қилиб олган.
Мактаб раҳбарияти шу куни 2-синф ўқувчиларига берилган шоколаддан қум чиққанлиги бўйича озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага маълумот берганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, мурожаатдаги ювилмаган олма шу йилнинг 7 февраль кунидаги ҳолат бўлиб, бу бўйича озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия аъзоларига халқ таълими бўлими томонидан огоҳлантириш берилган.
"Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилишини, амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Қорақалпоғистондаги бир нечта мактабларда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланганди.
382views0replies
0

Комментарии