Поиск
RUUZ

Политика

Саида Мирзиёева БМТнинг Орол фожиаси оқибатларига бағишланган конференциясида маъруза қилди

Тарихда илк бор қорақалпоқ тили БМТ минбарида янгради. Саида Мирзиёева қорақалпоқ тилида элегия ўқиб берди.

238views0replies
0

t.me/SShMirziyoyeva

23 март куни БМТнинг сув масалалари бўйича конференциясининг юқори даражадаги ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.
Саида Мирзиёева Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлаб, қорақалпоқ элининг атоқли шоири Иброҳим Юсупов ижодидан денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши тасвирланган сатрларни ўқиб берди.
"Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ, ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда", – деди Саида Мирзиёева.
Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро даражада қўллаб-қувватланиб, 2021 йилда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш ҳақидаги БМТ резолюцияси қабул қилингани, 2018 йилда Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фондига асос солингани қайд этилди.
Шунингдек, давлат амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борганда, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, асосийси, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилгани айтилди.
Фожиа оқибатларини бевосита ўз бошидан кечираётган Қорақалпоғистон халқининг матонати, меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги алоҳида эътироф этилди. Минтақанинг оғир шароитида, айниқса, аёллар кучли ғамхўрлик ва кўмакка муҳтожлиги, улар учун имкониятларни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сўзининг якунида Саида Мирзиёева халқаро ҳамжамиятни глобал сув масалалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, 22-24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференцияси ўтказилмоқда. Унда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти, бу борадаги глобал ташаббуслар БМТга аъзо барча мамлакатлар, ихтисослашган идоралар томонидан нуфузли спикерлар иштирокида кўриб чиқилмоқда.
238views0replies
0

Комментарии