Поиск
RUUZ

Политика

ТДТ саммитида Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди

Саммит давомида Шавкат Мирзиёев Туркияга янги шаҳарлар қуришда ёрдам беришни ҳамда зилзила содир бўлган ҳудудлардаги ёшлар ва кексаларни Ўзбекистонга таклиф қилди.

121views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев раислигида 16 март куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Тадбирда Режеп Таййип Эрдўған, Гурбангули Бердимуҳамедов, Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Токаев, Садир Жапаров, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ташкилотнинг бошқа институт ва тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Саммит аввалида иштирокчилар 6 февраль куни Туркиянинг жануби-ғарбий ҳудудларида содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонларини ёдга олдилар.
"Дўстларимиз диёрида юз берган ва мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди, - деди Шавкат Мирзиёев. - Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз", — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари бевақт ҳалок бўлган барча инсонларнинг муборак хотирасига алоҳида ҳурмат кўрсатиш белгиси сифатида 6 феврални Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Хотира ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф қилди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳнамолигида табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва дастурларни ҳам юқори баҳолади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон зилзила оқибатида вайрон бўлганларни тиклаш, янги шаҳар ва қишлоқлар, ижтимоий ва саноат объектлари барпо этишда ёрдам беришга ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни йўналтиришга тайёрлигини маълум қилди.
"Бундан ташқари, талофат кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларни юртимизда соғлиғини тиклаш ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжойларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берамиз", — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари, шунингдек, Туркиянинг жабрланган Ҳатай вилоятидан ёшларни жорий йил ёзида Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди. Улар учун Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларга мазмунли ҳордиқ чиқариш ва экскурсиялар, тенгдошлари билан биргаликда тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар жойлашган ҳудудлар географик ва геологик хусусиятларидан келиб чиқиб, табиий офатлар ва хавф-хатарларга кўпроқ мойил эканлиги қайд этилди.
"Афсуски, глобал иқлим ўзгариши туфайли кейинги йилларда бундай ҳалокатли табиий офатлар кўлами ва улардан кўрилаётган зарар кескин ошди", – деди Шавкат Мирзиёев.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилот доирасида тизимли ҳамкорлик платформасини яратиш ва унинг асосида бир қатор аниқ механизмларни яратиш таклиф этилди.
Шу тариқа, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама шартномани жадал ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Ўзбекистон фуқаро муҳофазаси тизимини яратиш бўйича Туркия томони тақдим этган ҳужжат лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Фавқулодда вазиятлар бўйича вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди. Уларнинг навбатдаги йиғилишида устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Шунингдек, табиий офатларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди. Озиқ-овқат ва қурилиш материаллари билан тўсиқсиз таъминлаш, соҳани тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
121views0replies
0

Комментарии