Поиск
RUUZ

Общество

Экологлар Тошкентдаги "Анҳор" канали яқинида кўп қаватли меҳмонхона қурилишини тўхтатишни талаб қилишмоқда

Маданий мерос агентлиги ҳам меҳмонхона қурилишига изоҳ бериб, "Анҳор" канали яқинидаги меъморий ёдгорлик сифатида тан олинган кафе-ресторан қурилиш туфайли зарар кўриши мумкинлигини маълум қилди.

258views0replies
0

Iskandar Soliev / Twitter

Маданий мерос агентлигининг хабарига кўра, Навоий кўчаси "Анҳор" канали бўйида жойлашган "Анҳор" кафе-ресторани архитектура ёдгорлиги сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Объект айни вақтда "Тошкент Ўрдаси" МЧЖга тегишли бўлиб, хусусийлаштирилган. Мазкур маданий мерос объектидан бугунги кунда фойдаланилмайди.
Таъкидланишича, кафе ёнида меҳмонхона қурилишига Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан рухсат берилган. Қурилиш эскиз лойиҳаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши муҳокамасига 2022 йилда тақдим қилинган, лойиҳа ижобий хулоса олмаган ва қайта тақдим қилиш таъкидланган.
Аммо, илмий-эксперт кенгашининг хулосасисиз "Анҳор" кафе-ресторан биносининг муҳофаза ҳудудида тегишли кўп қаватли меҳмонхона қуриш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган. Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича бир неча бор ёзма равишда огоҳлантириш хати берилган.
Қайд этилишича, 2022 йил 20 июнда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан маъмурий иш кўриб чиқилиб, тадбиркор Э.И.га нисбатан МЖтКнинг 1985-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик асосида БҲМнинг 3 баравари — 900 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонидан 2023 йил 30 январь куни ўрганиш жараёнида "Анҳор" кафе-ресторан» раҳбариятига берилган огоҳлантириш ҳамда кўрсатма хатлари инобатга олинмасдан, ушбу маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудида қурилиш ишлари давом этилаётганлиги ва бунинг натижасида бино бугунги кунда хароба ва ташландиқ ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди.
Табиат ресурслари вазирлигининг хабарига кўра, ушбу қурилиш биноси Бўзсув канали қирғоқ бўйидан 10 метр масофада жойлашганлиги, қурилиш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасидан рухсатнома ҳамда давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмаганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда ҳолатга қонуний чора кўриш мақсадида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига маълумотлар берилган.
258views0replies
0

Комментарии