Поиск
RUUZ

Общество

Қўшни давлатдаги газ қазиб чиқариш конларида авария сабаб табиий газ импорти тўлиқ тўхтади — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги “свет” ва газ танқислиги юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан аҳолига мурожаат қилди.

349views0replies
0

Спутник

Маълум қилинишича, бугунги кундаги максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.
Хусусан, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди.
Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилди.
Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилди.
Шу кўрилган чораларга қарамасдан республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт.соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 млн кВт.соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 млн кВт.соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмади.
Ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан жорий куз-қиш мавсумида Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг юқорилиги сабабли гидроэлектр станциялар томонидан режага нисбатан 170 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан:
— хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик;
— корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;
— ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчиришни сўрамоқда.
“Бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилади.
Ҳурматли истеъмолчилар, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, 1154, 1104, 105 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз”, - дейилади мурожаатда.
349views0replies
0

Комментарии