Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжанинг Халқаро пресс-клуб кўрсатувида мактаб дастуридаги физика ва кимё фанлари олиб ташлаш ҳақидаги таклифи кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шерзод Қудратхўжа ҳолатга муносабат билдириб, унинг фикрлари нотўғри талқин қилинаётганини айтди.
Унинг айтишича, физика, кимё каби фанлар, албатта, керак. Лекин бу дарсларни ўқитишда эски қолиплардан воз кечиб, замонавий методлардан фойдаланиш керак.
"Видеолавҳада 2 соатлик кўрсатувнинг 30 сонияси кўрсатилган, холос. Мен ушбу фанлар қийин қилиб юборилганини айтиб, болаларимизга енгилроқ, креативроқ дарс ўтайлик, деб таклиф киритдим.
Масалан, бир эсланглар, 10—11-синфларда ўрганган қайси мураккаб формула эсингларда қолган? Дарслар қанчалик қийин бўлган, қизил диплом олишда қанчалик халақит қилган, ўқишга киришдан чалғитган? Шу маънода айтдим, холос.
Вазият жуда оғир. Дарсликлар қайта кўриб чиқилаётган пайтда фарзандларимиз ўрганадиган дарслар оддий, ҳаётий бўлиши кераклиги муҳим деб ҳисоблайман.
Эртага физик олим бўлмоқчи бўлганлар эса кейинчалик фанни чуқурлаштирилган, факултатив дарсларда, махсус синфларда ўрганиши мумкин", - деди Қудратхўжа.
Аввалроқ, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова физика ва кимё фанлари олиб ташлаш ҳақидаги таклифни асоссиз дея, атаганди.