Жорий йилнинг 27 декабрь куни Саудия Aрабистони вақти билан соат 09:15да “Aл-Aфаж” транспорт компаниясига тегишли Mersedes-Benz русумли автобус ҳайдовчиси “Жидда-Мадина” 160-магистрал йўлида ухлаб қолиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Аниқланишича, мазкур автобусда Ўзбекистондан борган 50 нафар зиёратчиларидан 10 нафари жароҳатланган.
Мазкур ЙТҲда натижасида жабр кўрганларга Мадина шаҳри яқинидаги “Вади Aл-Фаръ” ва “Aл-Ҳимна” шифохоналарида тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Aвтобусдаги 40 нафар зиёратчи Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Дипломатлар ўзбекистонликлар ҳолидан хабарбор бўлиб турибди, дейилади хабарда.