Куни кеча ижтимоий тармоқда блогер Aбдуқодир Мўминовнинг видеомурожаати тарқалиб, унда бир неча номаълум шахс унга тан жароҳати етказгани ва машинасини шикастлашгани айтилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 23 декабрь куни соат 22:30 атрофида Мўминов “102” рақамига қўнғироқ қилиб, Яшнобод туманида номаълум шахслар унга ҳужум қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, босқинчилар унинг мобил телефонини олиб қўйиб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига етиб борган. Холислар иштирокида 5 дона бармоқ излари ва 1 дона бейсбол таёқчаси ашёвий далил сифатида олинган. Текширув давомида жабрланувчидан флеш-дискдаги видео ёзув олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 164-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тошкет шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириға кўра, ушбу жиноятни фош этиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан барча зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари ўтказилмоқда.