Олмазор тумани ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, Ғафур Ғулом боғи ҳозирда тест режимида фаолият бошлади. Яъни ўрнатилган ускуналар аҳоли хавфсизлиги учун қайта-қайта синовлардан ўтказилмоқда. Тозалаш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, боғ "экофрендли" услубида янгиланди. Энг кичик ташриф буюрувчилар учун ўйин майдонларида хорижда ишлаб чиқарилган тўлиқ табиий композицион материаллардан бўлган турли арқонли зиналар, қоялар ва канатлар ўрнатилди.
Боғга, яна битта диққатга сазовор нарса – чархпалак қайтарилди. Ушбу аттракцион ёпиқ кабинкалар ва кондиционерлаш тизимига эга замонавий жиҳозланди.
Шунингдек, боғ ҳудудида жойлашган иккита кўл тўла таъмирланиб, гидротизимлар тўлиқ ўзгартирилди, шунингдек, кўлларнинг атрофида пляж зоналари ва табиат қуршовида дам олиш учун жойлар яратилди. Кўлларнинг бирида қайиқ ва катамаранлар сақлаб қолинмоқда, иккинчи кўл эса ўрдаклар учун ажратилган.
"Туманимизнинг гўзал ва шинам дам олиш маскани тез кунларда ўз фаолиятини бошлайди ва боғ болажонларнинг шўх қийқириқларию, ёқимли мусиқалар садоси остида аҳолимизни ҳордиқ чиқаришга чорлаб қолади", - дейилади хабарда.
Шунингдек, боғнинг Ғафур Ғулом боғи номи "Dream Park" дея қайта номланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ғафур Ғулом боғи модернизация қилиш учун 49 йилга Сингапур компаниясига берилганди.
Шундан сўнг, жорий йилнинг июль ойида боғ 1 cентябрдан иш бошлаши маълум қилинганди.