Аввалроқ, Жиззахда ҳаракатланиб кетаётган поезд юк машинаси билан тўқнашиб, релсдан чиқиб кетгани ҳақида видео эълон қилган эдик.
ФВВ Матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса бугун, 20 октябрь куни кеч соат 00:25 да Шароф Рашидов тумани “У.Хатамов” МФЙ ҳудудида содир бўлган.
Ҳаракатланиб кетаётган Shaсman русумли юк автомобили Жиззах-2 Чаманзор темир йўл бекатлар оралиғининг 3550 километрида ҳаракатланиб кетаётган “Ўзбекистон Темир йўллари” AЖга қарашли тепловозининг йўлига чиқиб кетган. Натижада, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Воқеа жойига ФВБ Қутқарув отряди қутқарувчилар бўлинмаси юборилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тепловоз ўз изидан чиқиб кетиб ҳаракатдан тўхтаган.
Ҳодиса туфайли тепловознинг 2 нафар машинисти тиббий ёрдам олди, шунингдек Shaсman ҳайдовчиси шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.