Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz'га маълум қилишича, жорий йилнинг 13 октябрь куни соат 23:00 ларда фуқаролар 1991 йилда туғилган А.Н., 2003 йилда туғилган Д.Ш. ва 11-синф ўқувчиси Д.Х. ўзаро жиноий тил бириктириб, Сирдарё-Тошкент йўналишида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 1996 йилда туғилган А.Э. билан уларни Бўстонлиқ тумани ҳудудига олиб бориб келишга кўндиришган.
Улар унинг бошқарувидаги А.Э.нинг Lacetti автомашинасига ўтиришиб, автомашинада почта сифатида олинган 14 млн сўм пул маблағи борлигини билишиб, А.Э.ни алдов йўли билан Қуйи Чирчиқ тумани Толовул маҳалласи ҳудудига олиб боришган ва пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, уни бўйин қисмидан бўғиб, қасддан ўлдирган.
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан А.Н. ва бошқаларга ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и,п” бандлари ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, улар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.