“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги Isuzu юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш натижасида, юк автомашинасининг юкхонасидаги кетмон дасталари ортига яширилган қоғоз қутиларда 5 турдаги 77 272 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Аниқланишича, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ушбу пиротехника воситаларининг умумий қиймати 433 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 27 та қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 652 млн 80 минг сўмлик 109 минг 168 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишининг ўз вақтида олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.