Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими ҳайдовчига қўл кўтаргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан маълумот берди.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни соат 07:30 дан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори Б.Назирхужаев Шайхонтоҳур туманидаги Бунёдкор ва Ислом Каримов кўчалари чорраҳасида тирбандликни бартараф этиш мақсадида ҳаракатни тартибга солиб турган. Бироқ соат 08:30 ларда давлат рақами 01 J 055 XA бўлган Lacetti ҳайдовчиси 1984 йилда туғилган Э.А. уяли телефондан фойдаланиб, ЙПХ инспекторининг ишорасига бўйсунмасдан чорраҳага кириб келган.
ЙПХ инспектори ҳайдовчига содир этган қоидабузарлигини тушунтираётган вақтида ҳайдовчи ЙПХ инспекторини онасини ҳақорат қилган, натижада ўзаро тортишув юзага келган. Ҳайдовчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.