Бугун, 4 август куни Сенатнинг 29-ялпи мажлисида “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.
Қонун нормаларига мувофиқ давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон президенти, Олий Мажлиси палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари кўзда тутилган.
Жумладан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
"1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи миқдори 25,9 миллиард долларга етган. Унинг 23,2 миллиард доллари ташқи қарз ҳисобланади", - деб маълум қилди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.
Қайд этилишича, Давлат қарзининг 6 миллиард доллари бюджетни қўллаб-қувватлаш учун, 5,6 миллиард доллари ёқилғи-энергетика соҳасини қўллаш учун, 700 миллион доллари эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган.
Бундан ташқари, Қонунда давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар ўз аксини топган.