Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва ўғрилик жиноятларини содир этган шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
1991 йилда туғилган шахс қўшниси бўлган эркак ва аёлнинг кексалигидан фойдаланиб, уларнинг мол-мулкига эгалик қилиш мақсадида олдиндан жиноий режа тузади. Судланувчи жорий йилнинг 31 январь куни соат 21:15 атрофида қўшниларидан ҳол-аҳвол сўраш баҳонасида, уларнинг хонадонига киради. Қўшни аёл дўконга чиқиб кетганлиги, унинг эри эса кексалиги ва хасталиги сабабли воқеалик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаганлигидан фойдаланиб, хонадонида бўлган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини яширин равишда қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинади.
Жорий йилнинг 1 февраль куни соат 05:45 атрофида ўзининг режасини амалга ошириш учун таъмирлаш ишлари тугалланмаган бино ичидан чиқиб, тамагирлик жиноятини содир этишга ҳаракат қилади.
Суд жараёнида маълум бўлишича, судланувчи ушбу хонадонда уй эгасининг фарзандлари билан бирга ишлаган. Сўнгра, бойликларини аниқлаш мақсадида ётоқхонада бўлган анжомларни титкилаб, моддий қийматликлар излаётган пайтида қўшни аёл шовқин овозидан уйғониб, уни таниб қолади. Кейин эса қўшнисининг кексалигидан фойдаланиб, физиологик ва жисмоний жиҳатдан қаршилик кўрсата олмаслигини англаб, қўлида бўлган темир болта билан бош қисмига 2 маротаба зарба беради. Бош қисмига тан жароҳатлари етказилиши оқибатида аёл воқеа жойида вафот этади.
Судланувчининг оилада ёлғиз боқувчи эканлиги, қарамоғида вояга етмаган 2 нафар фарзанди борлиги, муқаддам судланмаганлиги, айбига иқрорлиги, пушаймонлиги ҳисобга олиниб, суд унга нисбатан ҳукм чиқарди.
Қўшнисининг қотилига айланган эркакка, ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в”, “и” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари, 169-моддаси 3-қисми “а” бандлари билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазолар қисман қўшиш йўли билан унга нисбатан 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.