Аввалроқ, Гулистон Халқ таълими бўлимига қарашли Telegram-каналга мактаб ўқувчиларининг ҳижоб ўрашларига қарши агрессив мазмунда пост жойланди.
"Диний эркинликни суиистеъмол қилаётганлар, сизлар ислом динини ҳар бирингизнинг миянгизга келадиган бўлмағур фикрлар билан ҳар томонга тортқилаб ташладинглар. Одамларни ҳар хил тушунарсиз ва аҳлоқсиз маъруза ва видео чиқишлар билан зериктириб юборгансиз.
Сизларнинг аҳмоқона тарғиботингиз туфайли ҳақиқий диндор билан ниқобдаги диндорларни фарқлай олмаяпти халқ. Кўча-кўйда ҳижоб ўраганларнинг шармандали ҳолатларидан безиб кетдик.
Биз фарзандларимизни ўқиб, билимли бўлиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ англайдиган бўлиб вояга етишларини хоҳаймиз. Гулдек ёшлигини сенларга ўхшаган исломий газандалар қўлида қурбон бўлишига жим қараб турмаймиз", - дейилади постда.
Пост ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганидан сўнг каналдан ўчириб ташланди.
Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг ёзишича, айни вақтда мазкур ҳолат бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда ҳамда ушбу ҳолатга йўл қўйган масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
"Ушбу материал бошқа ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинган бўлиб, соҳа ходимларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги оқибатида каналга жойланган. Лекин бу нарса ушбу ҳолатга йўл қўйган масъулни жавобгарликдан озод қилмайди.
Шу ўринда соҳа ходимларидан ҳар қандай маълумот ёки постни эълон қилишдан олдин унинг мазмуни ва оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини, сўз масъулиятини унутмасликларини сўраб қоламиз", - дея ёзади Лайло Рустамова.