Жорий йил 18 июлдан Россиянинг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари қайта тикланади. Мазкур йўналишларда қатновлар "Uzautotrans service" МЧЖ корхонасининг Yutong автобусларида амалга оширилади, дея хабар берди Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати.
Унга кўра, 18 июлдан бошлаб, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари "Тошкент" автовокзалидан соат 12:00 да Тошкент–Москва йўналишида қатновлар амалга оширилади. Мазкур йўналишда чипта нархи 1 000 000 сўм этиб белгиланди.
Тошкент–Қозон йўналишида қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари бажарилади. Автобуслар "Тошкент" автовокзалидан соат 11:00 да ҳаракатланишни бошлайди. Ушбу йўналишда чипта нархи 800 000 сўм этиб белгиланди.
Тошкент–Санкт-Петербург йўналишида қатновлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Автобуслар "Тошкент" автовокзалидан соат 16:00 да йўналиш бўйлаб ҳаракатланишни бошлайди. Чипта нархи 1 250 000 сўм этиб белгиланган.