Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилнинг 15 июлидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Банкнотнинг ўлчами 152 х 69 мм бўлиб, ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “200000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 мм.ли кўк рангли, “силжиш” эффектига, “UZB” ёзувига эга бўлган, микрооптик ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
Олд ва орқа томонларининг асосий ранги – фируза рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган. Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.
Банкнот олд томони чап қисмида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган “XUDOYORXON O‘RDASI” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.
Юқори қисмининг чап тарафида “200000” рақами, юқори қисм марказида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни кўк ва яшил рангларда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Республикасининг Герби яшил рангда жойлашган.
Мазкур банкнот мавзуси (тематикаси) “Буюк Ипак йўли” ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

“200 000 сўмлик банкнотлар, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт”, - дейилади баёнотда.