Қорақалпоғистондаги 1–2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура вакили маълум қилди.
Шунингдек, Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровга кўра, жароҳатланганларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришга рухсат берилган.
Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда ва оғир аҳволда бўлганлари бор, шу жумладан жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.
“Масалан, Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Қуриқлаш бошқармаси сафдори кўкрак қисмидан ўқ отар жароҳат олган, шу бошқарма яна бир сафдори чап оёқ болдири суяги ёпиқ синиши, 1 нафари Жиззах Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчиси бош мия очиқ жароҳати, ҳамда Тошкент шаҳри Миллий гвардия бошқармаси сержант ҳарбий хизматчи бош мия очиқ жароҳати билан даволанишяпти”, - деди Даврон Жуманазаров.