2021 йил 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси Indenim савдо мажмуасида табиий газ сизиб чиқиб чақнаш натижасида портлаш юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан Денов туман судининг очиқ суд мажлисида ушбу портлашда айбдор бўлган шахсларга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати Ҳаёт Шамсутдинов UzNews.uz'га хабар берди.
"Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали Денов шаҳар газ таъминоти бошқармаси собиқ бошлиғи К.Б. ЖКнинг 62-моддасига (Ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) асосан қамоқда ўтирган 139 куннинг ҳар бир куни озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегириб ташлаб, узил-кесил 3 йил 7 ой 11 кунга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. К.Б. 22:00 дан 06:00 гача яшаш жойини тарк этиш тақиқланади.
"Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали қурилиш-монтаж бошқармасининг собиқ электр-газ пайвандчиси У.Н. ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми "а,б" бандлари, 214-моддаси 3-қисмининг "в" банди билан айбли деб топилиб 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
"Ҳудудгаз" Сурхондарё газ таъминоти филиали "Деновшаҳаргаз" филиали газ тақсимлаш пунктлари сантехниги Н.A.га ЖКнинг 59-моддасини қўллаб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Н.А. соат 22:00 дан 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиб кетиши тақиқланди.
Аниқланишича, айбланувчилар газ қувурининг босимга чидамлилигини текширмаган. Шундан сўнг улар линияни газ қувурига улашган.
Ушбу портлаш натижасида жами 28.659.546.542 сўмлик, жуда кўп миқдордаги давлат ва жамоат манфаатларига зарар етказилган. Етказилган зарар "Ҳудудгазтаъминот" АЖдан ундурилиш белгиланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 257 (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят содир этилишида гумон қилиниб, Денов шаҳар газ бошқармаси бошлиғи, "Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминоти"нинг 2 нафар ходими қўлга олинди. Уч нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.