Бугун, 7 июн куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим тизимидаги коррупция асосан ўқишни кўчириш жараёнларида кузатилаётганини маълум қилди.
“Коррупциянинг элементлари ўқишни кўчириш билан боғлиқ жараёнда сақланиб қолаётганди. Биз бу йил рухсат олдик. Энди фақатгина 2 та шарт билан ўқишни кўчиради: турмуш қурса ва давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтсагина ўқишини кўчира олади”, - деди вазир.
Тошқуловнинг таъкидлашича, ўқишни кўчиришда вазир хати талаб этилади. Бошқа тоифалардаги талабаларга ҳеч қайси ҳолатда ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.
“Талаба биринчи курсданоқ мақсадини аниқ белгилаб олиши керак. Бу йил жами 150 минг талаба ўқишини кўчиришга ариза топшириши прогноз қилинган эди.
Бунинг ўрнига академик мобилликни қўллаш мумкин. Масалан, ректорлар ўзаро келишиб, Сурхондарёдаги ва Тошкентдаги талабалар алмашиб, 1-2 семестр ўқийди. Лекин дипломни бир жойдан олиши керак. Диплом бир жойдан олиниши керак", - деди вазир.