Навоий вилоятининг АТ “Халқ банки” Нурота филиалининг кредит пулларини "еб юборган" бош мутахассисга суд ҳукми ўқилди.
Аниқланишича, у яқин қариндошлари номига, гарчанд уларнинг паррандачилик, чорвачилик ва иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун бирор бир мақсадлари бўлмаса-да, фирибгарлик йўли билан банкдан уларнинг номига кредит олиш учун асос бўладиган тегишли ҳужжатларга имзо қўйдириб олади.
Х.Ф. қарийб 92 млн 452 минг сўм кредит маблағи эвазига олинган маҳсулотларни сотиб юборади ва пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатади.
Бундан ташқари, Х.Ф. АТ “Халқ банки” Нурота филиалига кредит тўловларини тўлаш учун келган фуқаро Н.Ж.дан 10 миллион сўм пул маблағини кредит қарздорлигини тўлаб қўйишини билдириб, олиб қолади.
Аммо “банкир” ушбу пул маблағини кассага кирим қилмасдан “еб юборади”.
Х.Ф.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “а” бандида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, бир йил муддатга банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.