Миллий гвардия Матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 2 апрель куни Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасига тегишли бўлган “УАЗ Пикап” автомашинасида ЙТҲ содир этилган.
Ушбу хизмат автомашинаси ҳайдовчиси С.Ш. хизмат юзасидан “Фарғона-Водил” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида пиёдалар ўтиш учун белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган фуқаро Б.Н.ни уриб юборган.
Ҳарбий хизматчи автомашинада фуқарони шифохонага олиб борган. Аммо, жабрланувчи олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ бўйича Фарғона вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хизмат автомашинаси прокуратура ихтиёрига топширилган.