Тошкент шаҳри Яшнобод тумани судида 2020 йил 16 август куни Яшнобод туманида жойлашган ташкилотларнинг бирининг ғазнахонасидан катта миқдорда пул маблағларини ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд жараёни якунланди.
Маълум қилинишича, Яшнобод туманида жойлашган МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи 28 ёшли Бахтиёржон Қ. танишларидан 5 нафарини ўғрилик қилишга қизиқтириб, биргаликда олдиндан жиноий режа тузиб олишади.
Улар 2020 йил 15 август кунидан 16 августга ўтар кечаси қўлларига қўлқоп кийган ҳолда Бахтиёржон Қ. ишлайдиган ташкилотга оқ рангли Lacetti’да келиб, ташкилотнинг ғазнахонасига кириб, сейфдан жами 2 млрд 341 млн 996 минг 803 сўм ва 25 минг АҚШ доллар пул маблағларини ўғирлаб кетишган.
18 август куни эса олдиндан ижарага олиб қўйган Бўстонлиқ туманидаги “дача”лардан бирини ижарага олиб, тунги соат 01:00да дам олиш мақсадида ушбу “дача”га Тошкент шаҳридан чиқиб кетаётганларида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Жиноят иши доирасида ушбу ўғрилик жиноятини содир қилган шахслар муқаддам бир неча маротаба судланганликлари аниқланиб, етказилган моддий зарардан 1 млрд 797 млн 618 минг сўм ва 23 минг 763 АҚШ доллари пул маблағлари жабрланувчига қайтарилиб, уларга нисбатан очилган жиноят иши материаллари тегишли тартибда судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ҳукмига кўра, Бахтиёр Закиров, Шуҳрат Иргашев, Шерзод Мирхожиев, Фаррух Махамаджановларга 10 йил, Бахтиёржон Қулмаҳмадовга 8 йил, Сардор Тошбоевга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жиноят содир қилинган Laсetti қонуний эгасига қайтарилган.