Қарорда айтилишича, МХХ нинг фаолияти бирор ҳужжат билан тартибга солинмагани унинг турли соҳаларга асоссиз равишда аралашишига замин яратган.
Қарорга мувофиқ, янги ном билан фаолият юритадиган Давлат хавфсизлик хизмати Миллий хавфсизлик хизматининг вориси сифатида тан олинади.
Собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг категорияли обеъктлар, уларнинг қўриқланиши каби қатор айрим ваколатлари ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлигига ўтказилган бўлса-да, ДХХга қуйидаги вазифаларни амалга ошириш вазифалари юкланди.
Жумладан, ДХХ фаолияти унинг ваколатларини қатъий белгилаб берувчи қонунчилик базасини яратиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши туришнинг замонавий услубларини жорий этиш, янгича асосда ишлайдиган ташкилий тузилмани яратиш, ташкилот сафларига қобилиятли ва ватанпарвар ёшларни жалб қилишни назарда тутадиган кадрлар танлаш тизимини яратиш, ҳарбий хизматчилар ижтимоий ҳимояси ва турмуш тарзини яхшилаш сингарилар негизига қурилади.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида давлат хавфсизлигини таъминлаш, конституцион тузумни ва давлат чегараларини ҳимоя қилиш, ички ва ташқи таҳдидларни аниқлаш ва бартараф этиш, разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, давлат ташкилотларидаги коррупция ҳолатларини бартараф этиш, давлат террорчилик, экстремизм, наркотик ва психотроп моддалар савдосига қарши кураш, этник ва бошқа турдаги низоларни келтириб чиқаришга қаратилган деструктив фаолиятнинг олдини олиш ва бошқалар белгиланди.